Футзал. Осиё Ёшлар ўйинларига номзодлар кашф этилди
Ўзбекистон футзал федерацияси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ кеча куннинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳрига етиб борди ва Вилоят олимпия заҳиралари спорт коллежи залида режалаштирилган селекция машғулотини ўтказди.
Эътиборлиси, Бухорода ташкил этилган селекция жараёнида қўшни Навоий вилоятининг иқтидорли ёш футзалчилари ҳам қатнашишди. Бу эса ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга, истеъдодларни янада кенгроқ қамровда саралаш имконини берди.
Қўшни ҳудудлар жамоалари ўртасида ташкил этилган назорат учрашувлари селекция ишларининг самарадорлигини оширди. Амалий ўйинлар давомида футболчиларнинг техник маҳорати, тактик тафаккури, жисмоний тайёргарлиги ва руҳий барқарорлиги яққолроқ намоён бўлди.
Мазкур танловда 60 нафардан зиёд ёш футзалчилар иштирок этишди. Машғулотдан кейин ишчи гуруҳ аъзолари ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимиз учун муносиб номзодлар рўйхатини шакллантиришди. Эътиборли жиҳати 2029-йили пойтахтимизда ўтказиладиган Осиё Ёшлар ўйинларида қатнашувчи ўсмирлар жамоаси учун ҳам 8 нафар иқтидорли футзалчилар кашф этилди. Уларнинг 6 нафари Бухоро вилоятидан, икки нафари эса Навоий вилояти футзалчилари ҳисобланади.
Ёш истеъдодларни кашф этиш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда терма жамоаларимиз учун муносиб захира яратишга қаратилган бундай селекция тадбирлари келгусида мамлакатимиз футзалининг ривожига хизмат қилиши, терма жамоаларимиз сафини янги ва иқтидорли футболчилар билан бойитиши шубҳасиз.