Футзал. Олий лиганинг 6-тур учрашувлари Жиззах шаҳрида бўлиб ўтади
Мамлакат миллий чемпионати – Олий лига жамоаларининг 6-тур учрашувлари жорий йилнинг 3 – 8-декабр кунлари Жиззах шаҳрида бўлиб ўтади. Турга вилоят футбол академияси спорт зали мезбонлик қилади.
Мазкур тур 2025-йил ҳисобидан сўнггиси бўлганлиги боис барча жамоалар максимал тарзда очко жамғариш пайида бўлишади. Бу эса тур ўйинларининг қизиқарли ҳамда муросасиз курашлар остида ўтишига асос бўлади. Шу маънода 6-турда биз яна кескин рақобат, ҳужумкор ва сермаҳсул ўйинлар гувоҳи бўламиз. Ўткинчи баҳслар бўлмайди, деган умиддамиз.
6-тур олдидан амалдаги чемпион BMB энг яқин таъқибчилари SQB ҳамда “Oil Star” билан 5 очколик тафовутни сақлаб қолди. Шунингдек, ОКМК ҳам етакчиларни изма-из қувиб келмоқда. Лиганинг "олтин ўрталиғидан" ўрин олган жамоалар исталган баҳсда кутилмаган натижани қайд этишларига кўп бора шоҳид бўлдик. Лигада ўз мавқеини сақлаб қолиш ҳаракатидаги жамоалар ҳам бўш келишмаяпти. Шундай экан, жиззахлик футзал ишқибозлари ҳамда унинг меҳмонларини Олий лиганинг 6-тур учрашувларига таклиф этиб қоламиз.
ЎФФ ҳамда “Sport” ижодий бирлашмасининг ўзаро келишувига мувофиқ 6-турнинг барча ўйинлари “Sport-TV” ҳамда “Futbol-TV” телеканалларида ҳамда Ўзбекистон футзал федерациясининг You Tube канали орқали тўғридан тўғри, жонли тарзда эфирга узатилади. Бу эса футзал ишқибозларига Олий лига учрашувларини исталган вақтда ва исталган жойда кузатиш имкониятини тақдим этади.