locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футзал. Очколар йўқотилмоқда, интрига эса авжига чиқмоқда

«ЎФФ Президенти кубоги»да интрига тур сайин қизиб бормоқда.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Футзал. Очколар йўқотилмоқда, интрига эса авжига чиқмоқда
photo: UFF

«ЎФФ Президенти кубоги»да интрига тур сайин қизиб бормоқда. 5-тур якунларига кўра, мусобақада энди очко йўқотмаган жамоа қолмади. Тўрт тур давомида барча ўйинларда ғалаба қозониб келган «Парма» ҳам бу сафар дуранг билан кифояланишга мажбур бўлди.

Етакчи жамоани эса BMB ҳаваскорлари чинакамига «терлатишди». Чемпионатни бироз суст бошлаганига қарамай, мазкур ўйинда BMB ҳақиқий характер кўрсатди. Биринчи таймда Бекзод Мусаиловнинг 7-дақиқада киритган голи учрашувда ҳисобни очди ва танаффусгача ягона бўлиб қолди. Иккинчи бўлимда «Парма» ҳисобни тенглаштирди, бироқ Азиз Маматов яна жамоасини олдинга бошлади. Барча мухлислар BMB энди ғалабани қўлдан бой бермайди, деб турган бир пайтда, ҳимоядаги тушунмовчилик бу башоратнинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Руслан Веклич бўш қолган дарвозани аниқ нишонга олиб, «Парма»ни мағлубиятдан қутқариб қолди — 2:2.

Турнинг энг драматик учрашувларидан бири «Истиқлол» ва «Божхона» ўртасида кечди. «Истиқлол» 3:1 ҳисобида олдинда бориб туриб, ўйин тизгинини қўлдан чиқарди. Натижада «Божхона» кетма-кет голлар уриб, ажойиб камбекни амалга оширди — 5:3.

Голлар ёмғирини эса «Камол Construction» — СҚБ ўйини тақдим этди. СҚБ жамоаси бешта тўп фарқи билан олдинга чиқиб олгач, ғалаба осон келади, дея хотиржамликка берилди. Аммо рақиб бунга рози бўлмади ва фарқни минимал даражагача қисқартирди. Шунга қарамай, СҚБ барибир ғалабани қўлдан чиқармади — 6:5.

IMV ва ТАТУ ўртасидаги баҳс ҳам кескинликка бой ўтди. Ҳисоб бир неча бор ўзгарди, бироқ сўнгги сўзни ТАТУ айтди — 3:2.

Куннинг энг йирик натижаси эса ёшлар терма жамоаси томонидан қайд этилди. Улар мусобақа аутсайдерига айланиб қолган «Олимпик»ни аямади — 10:1. Ушбу ўйинда Низомиддин Зиёхиддинов тўрт бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, покер муаллифига айланди ва майдоннинг энг ёрқин қаҳрамони бўлди.

Шундай қилиб, «ЎФФ Президенти кубоги»да ҳар бир тур сюрпризларга бой кечмоқда. Навбатдаги беллашувлар 27-декабр куни бўлиб ўтади ва кураш янада қизиши шубҳасиз.

«ЎФФ Президенти кубоги»
5-тур (20-декабрь, 2025-йил)
• «Парма» — BMB — 2:2
• «Истиқлол» — «Божхона» — 3:5
• IMV — ТАТУ — 2:3
• Ўзбекистон ёшлар т.ж. — «Олимпик» — 10:1
• «Камол Construction» — СҚБ — 5:6

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг