locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футзал. Мавсум якунлари таҳлил қилинди, келгуси режалар тасдиқланди

Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов раҳбарлигида Федерациянинг 2025/2026-йилги мавсум якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Футбол
Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Футзал. Мавсум якунлари таҳлил қилинди, келгуси режалар тасдиқланди
photo: UFF

Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов раҳбарлигида Федерациянинг 2025/2026-йилги мавсум якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ЎФФ мутасаддилари, миллий терма жамоалар мураббийлари ҳамда федерациянинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида ЎФФ раҳбари барчани мавсумнинг муваффақиятли якунлангани билан табриклади. Қайд этилганидек, федерация ташкил этилганидан буён қисқа вақт ичида икки марта Ўзбекистон кубоги, бир марта миллий чемпионат ва биринчи лига мусобақалари юқори савияда ташкил этилди. Шунингдек, ҳудудларда футзални ривожлантириш ва оммалаштириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, иш жараёнида айрим камчилик ва муаммолар ҳам кузатилгани, улардан тегишли хулоса чиқариб, келгуси мавсумга янада пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди.

— Мамлакатимиз футзал жамоатчилиги ва ушбу спорт турининг минглаб мухлислари Ўзбекистон футзал федерациясидан катта ўзгаришлар ва ислоҳотларни кутмоқда. Бу эса мутахассисларимиз зиммасига жиддий масъулият юклайди, деди Бекзод Маматқулов.


Йиғилишда Ўзбекистон футзалини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Ушбу хужжат соҳада тизимли ўзгаришлар қилиш ва ҳудудларда футзал тараққиётига янги суръат бағишлаши кутилмоқда.

Мажлис давомида келгуси мавсум учун устувор вазифалар ҳам белгиланиб олинди. Хусусан, чемпионат ва Кубок мусобақалари амалдаги форматда сақлаб қолинган ҳолда ички ислоҳотларни чуқурлаштириш, клублардаги легионерлар масаласини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш, хорижлик дарвозабонларни жалб қилиш ҳамда улар билан ишлайдиган мураббийлар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, жамоалар таркибида 2009-йил ва ундан кейин туғилган футзалчилар учун ажратилган квоталарни кенгайтириш, ҳаваскорлар ўртасидаги “ЎФФ Президенти кубоги” каби мусобақалар географиясини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Бу каби турнирлар ёш истеъдодлар учун катта футзалга йўл очиб берувчи муҳим майдон вазифасини ўтаётгани таъкидланди.

Йиғилишда ҳакамлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Миллий чемпионат ва Кубок баҳсларидаги энг долзарб масалалардан бири сифатида ҳакамлар савиясини ошириш, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази билан ҳамкорликни кучайтириш ва жамоалар томонидан ҳакамликка нисбатан эътирозлар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан вазифалар белгиланиб берилди.

ЎФФ президенти замонавий футзалда клублар қошида мухлислар клублари (“Fan Club”) фаолиятини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, миллий терма жамоалар учун кучли терма жамоаларга қарши назорат учрашувлари ташкил этиш, терма жамоаларга номзод футболчиларнинг соғлиғини доимий назорат қилиш, жароҳат олган спортчиларни тезроқ сафга қайтариш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, футзал тадбирларини янада сифатлироқ ёритиш бўйича вазифалар юклатилди.

Бундан ташқари, соҳил футбол бўйича миллий терма жамоа йиғинларини ташкил этиш ҳамда ҳудудий лига ғолиблари кубоги мусобақасини ўтказиш бўйича вазифалар белгиланиб олинди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон футзал федерацияси таркибий тизимида бир қатор ташкилий ўзгаришлар амалга оширилгани маълум қилинди.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг