Футзал. Истеъдодларни излаб: Наманган — футзал истеъдодлари маскани
Ўзбекистон футзал федерацияси ишчи гуруҳи томонидан истеъдодли ёшларни аниқлаш ва уларни терма жамоаларга жалб этиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб олиб борилаётган селекция ишлари давом этмоқда. Навбатдаги манзил Наманган вилояти бўлди.
Бугун ишчи гуруҳ Наманганга ташриф буюриб, ҳудуддаги истиқболли футзалчилар иштирокида саралаш машғулотларини ўтказди. Мамлакатимиз футзали ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Наманган вилояти азалдан истеъдодларга бой маскан сифатида эътироф этилади. Бугунги кўрик жараёнлари ҳам бу таъриф бежиз эмаслигини яна бир бор тасдиқлади.
Наманган вилояти футбол академияси спорт залида ташкил этилган саралашларда 2007–2010 йилларда туғилган ўнлаб иқтидорли футзалчилар ўз маҳоратларини терма жамоалар мураббийларига намойиш этдилар. Ёшларнинг техник тайёргарлиги, ўйин тафаккури, жисмоний ҳолати ва салоҳияти мутахассислар томонидан синчковлик билан кузатилди.
Фарғона водийси бўйлаб селекция ишлари изчил давом этмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари бугун куннинг иккинчи ярмида Андижон вилоятига йўл олдилар. Эртага, соат 10:00 да Андижон вилояти футбол академияси спорт залида вилоятнинг энг истиқболли футзалчилари иштирокида танишув, назорат ва амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган бундай селекция тадбирлари келажакда терма жамоаларимиз сафини янги номлар билан бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.