Футзал. Истеъдодларни излаб: Фарғона вилоятида кўрик ўтказилди
Ўзбекистон футзал федерацияси ташаббуси билан ёш ва истеъдодли футзалчиларни аниқлаш, уларни кашф этиш ҳамда ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига жалб этишга қаратилган селекция лойиҳасига старт берилди.
Бугун ишчи гуруҳ Фарғона вилоятига ташриф буюриб, ҳудуддаги иқтидорли ёшларни саралаш жараёнини олиб борди.
Ишчи гуруҳига ЎФФнинг терма жамоалар билан ишлаш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳматов раҳбарлик қилмоқда. Гуруҳ таркибидан Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари мураббийлари, шунингдек, федерация матбуот хизмати вакиллари ўрин олган.
Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадиони спорт залида 2007–2010-йилларда туғилган (16–19 ёш) иқтидорли футзалчилар кўрикдан ўтказилди.
Селекция ишлари изчил давом этади. Ишчи гуруҳ куннинг иккинчи ярмида Наманган вилоятига йўл олди. Эртага соат 10:00 да Наманган вилояти футбол академияси спорт залида вилоятнинг энг истиқболли футзалчилари иштирокида танишув, назорат ва амалий машғулотлар ташкил этилади.