Футзал. Голлар ёмғири: у қандай бўлмоқда?
Мамлакат миллий чемпионати — Олий лигада 7-тур учрашувлари арафасида мавсумнинг биринчи ярмига якун ясаш вақти келди. XXIX миллий чемпионатимизда шу пайтгача 6 та тур ортда қолди. Олдинда яна 6 та тур учрашувлари бўлиб, баҳор фасли якунида чемпионат ғолиби ҳамда совриндорлар номи аниқланади.
Шу кунга қадар мухлислар жами 102 та учрашувни томоша қилди. Ушбу баҳсларда жамоалар рақиблар дарвозасини 671 марта ишғол этди. Бу эса ҳар бир ўйинга ўртача 6,57 тадан гол тўғри келаётганини англатади.
Энг сермахсул тур Қарши шаҳрида ўтказилган 4-тур бўлди. Мазкур турда ҳар бир ўйинда ўртача 7,16 тадан гол киритилиб, мавсумнинг энг юқори натижаси қайд этилди.
Аксинча, Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган 3-тур ўртача голлар сони энг паст бўлган тур сифатида эътироф этилди.
Барча турлардаги ўртача голлар сони қуйидагича:
• 1-тур — 6,83 та гол
• 2-тур — 6,27 та гол
• 3-тур — 5,83 та гол
• 4-тур — 7,16 та гол
• 5-тур — 6,66 та гол
• 6-тур — 6,61 та гол
Рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, деярли ҳар бир турда ўртача 6 тадан ортиқ гол қайд этилмоқда. Бу эса жорий мавсумда Олий лигада ҳужумкор футбол устун келаётганини, жамоалар ғалаба учун таваккалга тайёр эканини англатади. Айниқса, кучли учликка кириш учун кураш олиб бораётган жамоаларнинг очиқ футбол намойиш этиши умумий статистикага жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Муттахассислар фикрича, мавсумнинг иккинчи ярмида турнир жадвалидаги рақобат янада кучайиши кутилмоқда. Бу эса баъзи жамоаларнинг эҳтиёткор услубга ўтишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Шунга қарамай, ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, жорий чемпионат Олий лига тарихида энг сермахсул мавсумлардан бири сифатида ёдда қолиши мумкин.