locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футзал. ЎФФ Президенти кубоги-2026 ўз лауреатларини аниқлади

Турнинг дастлабки баҳсида эса “Олимпик” жамоаси “Истиқлол” устидан 7:2 ҳисобига ғалаба қозонди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Футзал. ЎФФ Президенти кубоги-2026 ўз лауреатларини аниқлади
photo: UFF

Қарийб беш ой давом этган ҳаваскор жамоалар ўртасидаги “ЎФФ Президенти кубоги-2026” мусобақаси ўз якунига етди. Бугун турнирнинг 18-тур учрашувлари якунлангач, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Жорий мавсумда чемпионлик учун кураш сўнгги турга қадар интригага бой тарзда кечди. Турнир жадвалида пешқадам бўлиб келган “Парма” жамоаси ҳал қилувчи баҳсларда ҳам барқарор ўйин намоён этиб, чемпионликни қўлдан чиқармади. 18-турда асосий таъқибчи ҳисобланган “BMB” жамоаси “Божхона” билан кутилмаган дуранг қайд этди ва шу тариқа чемпионлик учун имкониятини йўқотди.

“Асаларилар” номи билан танилган “Парма” жамоаси эса сўнгги турда мусобақа аутсайдери IMVга қарши баҳсда ишончли ғалабани расмийлаштириб, 45 очко билан “ЎФФ Президенти кубоги-2026” бош совринини қўлга киритди. Чемпиондан беш очко ортда қолган “BMB” жамоаси мусобақани кумуш медаллар билан якунлади.

Мусобақанинг энг ёрқин кашфиёти эса Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бўлди. Ўтган мавсум Осиё ёшлар ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган футзалчилар асосида шаклланган жамоа турнир давомида мазмунли ва шижоатли ўйини билан мухлислар эътиборини қозонди. Сўнгги турда “Kamol Construction” жамоаси 4:1 ҳисобида мағлуб этилди ва ёшлар жамоаси мусобақани фахрли 3-ўринда якунлади.

Бронза медаллари учун кураш ҳам кескин руҳда кечди. Тўртинчи ўринни эгаллаган SQB жамоаси ёшлар термасидан атиги бир очко ортда қолди. Банкчилар сўнгги турда TATU дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритиб, мавсумни ғалаба билан якунлашди.

Турнинг дастлабки баҳсида эса “Олимпик” жамоаси “Истиқлол” устидан 7:2 ҳисобига ғалаба қозонди.

“ЎФФ Президенти кубоги” мусобақаси мамлакатимизда футзал оммавийлигини ошириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим лойиҳалардан бирига айланди. Қувонарлиси, мусобақа регламентига мувофиқ ҳар бир жамоа таркибида 2009-йил ва ундан кейин туғилган ўсмир футболчиларнинг майдонга тушиши шарт этиб белгилангани кўплаб янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилди.

Шу тариқа “ЎФФ Президенти кубоги-2026” нафақат ғолиб ва совриндорларни, балки келажакда мамлакат футзалининг ривожига ҳисса қўшиши кутилмоқдаган ёш иқтидорларни ҳам намоён этган мусобақа сифатида тарих саҳифаларидан ўрин эгаллади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг