locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футзал бўйича Гулистон жамоаси яна бир очко олса, Олий лига йўлланмасига эга чиқади

Айни пайтда Равшан Толипов бошқараётган жамоани Олий лигада фақат бир очко ажратиб турибди, холос.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Футзал бўйича Гулистон жамоаси яна бир очко олса, Олий лига йўлланмасига эга чиқади
photo: UFF

Андижон шаҳридаги “Universal” спорт мажмуасида бўлиб ўтган мамлакат миллий биринчилиги — Биринчи лиганинг 3-тур ўйинларидан сўнг Сырдарё вилоятининг “Гулистон” жамоаси Олий лига йўлланмасига янада яқинлашди. Айни пайтда Равшан Толипов бошқараётган жамоани Олий лигада фақат бир очко ажратиб турибди, холос.

Хўш, “Гулистон”нинг Олий лигага тўғридан тўғри чиқишига тўсқинлик қиладиган жамоа борми? Назарий жиҳатдан — ҳа.

Ҳозирга қадар сырдарёликлар 11 та учрашувда 31 очко жамғаришди. Энг яқин таъқибчилар — “Арал”, “Политехник” ва “Хоразм” жамоалари ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири 22 тадан очкога эга. Агар сўнгги турда “Гулистон” барча учрашувларида мағлубиятга учраса, таъқибчилар эса 100 фоизлик натижа қайд этса, назарий жиҳатдан вазият ўзгариши мумкин.

Бундай ҳолатда очколар тенглашиб қолса, Регламентга мувофиқ ўзаро учрашувлар натижаси биринчи навбатда инобатга олинади. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Арал” рақобатдан чиқади. Сабаби, қорақалпоғистонликлар “Гулистон” билан икки бор куч синашиб, бирида дуранг, иккинчисида мағлубият қайд этган.

Демак, сырдарёликларнинг асосий рақиблари сифатида “Политехник” ва “Хоразм” қолмоқда.

“Гулистон” биринчи турда жиззахлик талабаларни 6:3, урганчликларни эса 2:1 ҳисобида мағлуб этган. Албатта, ҳар икки жамоа сўнгги — 4-турга жиддий тайёргарлик кўриши табиий. Аммо улар сырдарёликларни мағлуб этган тақдирда ҳам, “Гулистон” захирасида “ТерДУ”га қарши битта ўйин бор...

Шундай экан, ташкил этилган кунидан бошлаб Олий лигани мақсад қилиб, фаолият юритаётган “Гулистон”нинг режалари рўёбга чиқадиган кунлар келишига оз фурсат қолмоқда. Жамоа таркиби, футболчилар салоҳияти ва умумий имкониятлар жиҳатидан ҳам Олий лигага деярли мос дейиш мумкин. Фақатгина, йўлланма нақд деб, сырдарёликларнинг ўзлари тайёргарликни бўшаштириб юбормасалар, мўъжиза юз бермайди.

Ўз навбатида, Биринчи лигада иккинчи ўринни эгаллаган жамоада ҳам Олий лигага чиқиш имконияти борлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Бунинг учун эса Олий лигада 11-ўринни эгаллаган жамоага қарши ўтиш учрашувида ғалаба қозониш керак бўлади. Мазкур имконият учун ҳам биз юқорида кўриб чиққан учлик — “Арал”, “Хоразм” ва “Политехник” жамоалари кураш олиб боришади.

Сўнгги турда “Арал” “Хоразм”, “Жиззах ФА” ва “Бобур”га қарши майдонга тушади. “Хоразм” эса “Арал”, “Гулистон” ва “Бобур” билан куч синашади. “Политехник”нинг рақиблари эса “Бобур”, “Гулистон” ҳамда Ёшлар терма жамоаси бўлади.

Тақвимдан кўриниб турибдики, Биринчи лиганинг 4-тури жуда қизғин ва ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ҳар бир учрашувда интрига мавжуд. Шу боис, биринчилик тақдирини белгилаб берадиган ушбу турнинг бирорта ўйинини ҳам ўтказиб юбориш мумкин эмас.

Хулоса қилиб айганда, Олий лига йўлланмаси ва ўтиш учрашуви иштирокчисини аниқлаб берадиган 4-тур бошланишини мухлислар катта қизиқиш билан кутмоқда.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг