Футзал ҳакамлиги: янги мавсумда янги талаблар
Бугун Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбари Бекзод Маматқулов, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази директори Маъмур Саидқосимов ҳамда футзал бўйича назоратчи ҳакамлар ва ҳакамлик бўйича масъул Бахтиёр Тўғайев билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида янги мавсум — мамлакат XXX миллий чемпионати, Ўзбекистон кубоги ва Суперкубоги баҳсларида ҳакамлик савиясини янада ошириш, учрашувларни адолатли, шаффоф ва юқори савияда бошқариш масалалари муҳокама қилинди.
ЎФФ раҳбари орқада қолган мавсумда ҳакамлар томонидан йўл қўйилган айрим камчилик ва хатоларга тўхталиб, футзал учрашувларини бошқариш сифати бевосита мусобақаларнинг нуфузи ва жамоаларнинг ўйинга бўлган муносабатига таъсир қилишини таъкидлади.
— Баҳслар қанчалик адолатли ва шаффоф бошқарилса, жамоаларнинг ўйинларга бўлган муносабати ҳам шунчалик ижобий ўзгаради. Қизиқарли ва муросасиз учрашувлар сони ортади, совринли ўринлар учун рақобат янада кучаяди, — деди Бекзод Маматқулов.
Шунингдек, ЎФФ раҳбари ҳакамлик даражасини ошириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдириб, бу йўналишда Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказига ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини қайд этди.
Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази директори Маъмур Саидқосимов билдирилган таклифлар учун миннатдорлик билдириб, янги мавсум олдидан футзал ҳакамлиги борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилишини маълум қилди.
Шу куннинг ўзида ЎФФ раҳбарияти футзал мусобақаларида фаолият юритаётган ҳакамлар билан ҳам учрашди.
Унда Маъмур Саидқосимов янги мавсум олдидан футзал ҳакамлари учун чуқурлаштирилган ўқув-машғулот йиғини ташкил этилишини, ундан сўнг эса ҳакамлардан нормативларни талабчанлик асосида топшириш имтиҳонлари ўтказилишини таъкидлади.
— Футзал ҳакамлиги даражасини ошириш масаласида ЎФФ Президенти билан фикримиз бир жойдан чиқди. Эндиликда катта футбол ва футзал ҳакамлигини биргаликда олиб бориш амалиётига чек қўямиз. Ҳакамларимиз футбол ёки футзал йўналишидан бирини танлайди. Чунки бу икки спорт тури бир-бирини тўлдирса-да, уларнинг қоидаларида жиддий фарқлар мавжуд. Ҳар икки йўналишда бирдек фаолият юритиш осон эмас. Ортиқча эътироз ва чалкашликларнинг олдини олиш мақсадида шу йўлдан боришга қарор қилдик, — деди Маъмур Саидқосимов.
Демак, янги мавсумда футзал ҳакамларига яратиладиган имкониятлар билан бир қаторда уларга қўйиладиган талаблар ҳам ошади. Асосий мақсад — ҳар бир учрашувда холислик, шаффофлик ва юқори профессионалликни таъминлашдир.