Футзал. AFC клублари ўртасидаги Осиё чемпионати Регламентини тасдиқлади
Осиё футбол конфедерацияси (AFC) футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионатининг 2027-йилги мавсум Регламентини расман тасдиқлади.
Унга кўра, келаси йилда бўлиб ўтадиган мусобақада 2026-йилги мавсум бўйича Эрон, Индонезия, Япония, Ироқ, Ўзбекистон, Таиланд, Афғонистон ва Вьетнам мамлакатлари чемпионлари иштирок этишади. Мазкур мамлакат чемпионлари учун таклифномалар миллий федерацияларга қиш фаслида жўнатилиши кутилмоқда.
Регламентга мувофиқ мусобақанинг дастлабки босқичида 8 та жамоа қуръа ташлаш йўли билан 2 та гуруҳга бўлинади ва бир даврали тизимда ўзаро куч синашади. Гуруҳларда 1–2-ўринларни эгаллаган жамоалар ярим финал йўлланмасини қўлга киритади. Мусобақанинг ўтиш муддати ва қабул қилувчи мезбон мамлакат номи ҳали аниқланмаган.
Маълумот учун, клублар ўртасидаги Осиё чемпионати 2010–2019-йиллар оралиғида 10 марта ўтказилган. Ушбу даврда Эрон ва Япония клублари 4 маротаба, Таиланд клублари эса 2 марта чемпионликни қўлга киритган.
Ўзбекистон чемпионлари мусобақанинг барча мавсумларида иштирок этган. Энг яхши натижа 2012-йилда қайд этилган бўлиб, Тошкентнинг "Ардуз" жамоаси финалгача етиб борган ва ҳал қилувчи учрашувда Эроннинг "Гити Пасанд" клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, кумуш медаллар билан тақдирланган.
2019-йилги сўнгги ўтказилган мусобақада эса Олмалиқнинг ОКМК жамоаси ярим финалда Эроннинг "Мес Сунгун", 3-ўрин учун баҳсда эса Вьетнамнинг "Тай Сон Нам" жамоасига мағлуб бўлган.