Футзал. 11-тур баҳслари Қарши шаҳрида бўлиб ўтади
Футзал бўйича мамлакат миллий чемпионати — Олий лиганинг навбатдаги тур ўйинлари муддати ва манзилига аниқлик киритилди. 11-тур баҳслари жорий йилнинг 19-24-апрель санасида Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
11-турда мухлислар бир қатор воқеликлар шоҳиди бўлишлари кутилмоқда. Жумладан, бу турда XXIX миллий чемпионатимизнинг 1000-голини киритилади. Кўрамиз, у кимга ва қайси жамоага насиб этади?
Мавсум пешқадами – амалдаги чемпион “BMB PFC” ўз унвонини муддатидан олдин ҳимоя қилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бунда жиззахликлар турдаги барча ўйинларида ғалаба қозонишларидан ташқари, асосий таъқибчилари очко йўқотиши лозим бўлади. Мазкур турда иккинчи ва учинчи ўринларда бораётган “Oil Star” ҳамда СҚБнинг ўзаро учрашуви борлигини инобатга оладиган бўлсак, башорат ўзини оқлаши мумкин.
Назорий жиҳатдан совринли ўринлар учун курашдан ОКМК жамоаси ҳам чиқиб кетмаган. Шу маънода Александр Петров шогирдлари шиддатли ўйинлари билан турни қиздириб беришлари кутилмоқда. Ўз мухлислари қаршисида ўйнаётган “Насаф” ҳам ҳар қандай рақибга қарши баҳсда тап тортмасдан “жангга” киришиши аниқ. Бу эса муросасиз ўйинлар сонини оширади. Қолаверса, чемпионатимизнинг бошқа жамоалари ҳам қараб туришмайди. Қарши шаҳридаги 6 кунлик баҳслар футзал ишқибозларига унутилмас лаҳзаларни тақдим этишига ишонамиз.
Яна бир маълумот, Қашқадарё вилоятидаги тур ўйинларини Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес бевосита кузатиб бориш арафасида. Миллий терма жамоа номзодлигига эришиш истагидаги барча истеъдодли ўйинчиларимиз учун бу қўшимча иштиёқ бўлади.