Футзал. 10-тур баҳсларига Жиззах шаҳри мезбонлик қилади
Футзал бўйича мамлакат миллий чемпионати — Олий лига жамоалари ўртасидаги кейинги турлар муддати ва манзилига аниқлик киритилди. Жумладан, навбатдаги – 10-тур учрашувлари жорий йилнинг 30-мартидан 3-апрелгача Жиззах шаҳрида бўлиб ўтадиган бўлди. Тур ўйинларига вилоят футбол академияси спорт зали мезбонлик қилади.
10-тур олдидан амалдаги чемпион “BMB PFC” энг яқин таъқибчиси “Oil Star”дан 9 очкога илгарилаб кетган. Қатор-қатор уч мавсум давомида ҳам чемпионат, ҳам кубок баҳсларида бош совринни бегона қилмай келаётган жиззахликлар бу гал ҳам муддатидан аввал ўз унвонларини ҳимоя этишлари эҳтимоли тур ўтган сайин ойдинлашмоқда. Ушбу мавсумдан эътиборан чемпионатда дебютини бошлаган SQB жамоаси эса карвонбошидан 10 очко орқада қолмоқда. Совринли ўринларга Тошкент вилоятининг OKMK жамоаси ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Мусобақа жадвалининг олтин ўрталиғидан жой олган “Насаф”, “Локомотив”, “Динамо”, “Нефтчи” ҳамда “Бунёдкор” исталган рақибнинг кайфиятини бузиб, режаларини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Қолаверса, “Максам-Чирчиқ” ҳамда “Қизилқум” ҳам ўз рақиблари ва мухлисларига кутилмаган “совғалар”ни ҳадя этиб туришларини инобатга оладиган бўлсак, чемпионатнинг қолган тур учрашувлари кескин ва муросасиз курашларга бой бўлишини тахмин этиш мумкин.
Биз барча футзал ишқибозлари ҳамда Жиззах шаҳри аҳолиси ва меҳмонларини Олий лиганинг 10-тур учрашувларига таклиф этамиз. ЎФФ тасарруфи остида ўтказиб келинаётган барча мусобақаларга мухлисларнинг кириши мутлақо бепул.