locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Футбол маҳалладдан бошланади: «Андижон» клуби келажак чемпионларини тарбиялашга киришди

Ана шундай эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш йўлида “Андижон” футбол клуби ҳам янги ва истиқболли лойиҳани амалга оширишга киришди.
Футбол
Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Футбол маҳалладдан бошланади: «Андижон» клуби келажак чемпионларини тарбиялашга киришди
photo: Andijon fk

Мамлакатимизда спорт, хусусан футболни янада ривожлантириш, уни кенг оммалаштириш ва ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш борасида Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан муҳим қарор ва дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу эса ўз навбатида футболнинг ривожланишига, иқтидорли ёшларни кашф этишга ҳамда мамлакатимиз футболининг келажагини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ана шундай эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш йўлида “Андижон” футбол клуби ҳам янги ва истиқболли лойиҳани амалга оширишга киришди. Клуб томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида болалар футбол тизимини кенгайтириш, ёш истеъдодларни эрта аниқлаш ҳамда уларни профессионал тарзда тайёрлаш мақсадида расмий тайёрлов марказлари ташкил этилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг асосий ғояси – «Катта футбол маҳалладдан бошланади» тамойилини ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Зеро, катта футболга олиб чиқувчи йўл аввало маҳалла, мактаб ва кичик спорт майдонларидан бошланади. Шу маънода “Андижон” клубининг мазкур ташаббуси нафақат вилоят футболы, балки мамлакатимиз болалар футболи ривожи учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳани шахсан клуб бош директори ўз назоратига олган ҳолда иқтидорли болаларни излаш баробарида тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

Лойиҳанинг илк манзили Избоскан туманидаги Чувама маҳалласи ҳудудида жойлашган 26-мактаб бўлди. Бу ерда ташкил этилган очилиш маросими ҳақиқий футбол байрамига айланди. Тадбирда кўплаб ота-оналар фарзандлари билан иштирок этиб, клубнинг янги лойиҳаси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Шу куниёқ тайёрлов марказига келишув асосида дастлабки ёш футболчилар қабул қилинди.

Марказ фаолияти 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларни қамраб олади. Бу эса футболга қизиқувчи болаларнинг иқтидорини эрта аниқлаш ва уларни тизимли равишда ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Тантанали очилиш маросими давомида тайёрлов марказига қабул қилинган болаларга “Андижон” клубининг расмий футболкалари ҳамда зарур спорт анжомлари топширилди. Бу эса ёш спортчиларнинг қалбида катта мотивация ва масъулият туйғусини уйғотди.

Марказдаги машғулотларга ОФКнинг “C” лицензиясига эга мутахассис Абдулбори Муроджонов раҳбарлик қилади. Унинг тажрибаси ва меҳнати орқали келажакда вилоятимиздан янги-янги истеъдодлар етишига ишонч катта.

Бугунги кунда ўзбек футболида ёрқин юлдузларга айланган Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов каби футболчилар ҳам бир вақтлар оддий майдонларда илк қадамларини ташлаган эдилар. Балки бугун Избосканда машғулотларни бошлаган ёшлар орасида ҳам келажакда мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган янги Ҳусановлар ва Шомуродовлар тарбияланаётгандир.

Энг муҳими, яқин йилларда фаолиятини бошлаши режалаштирилаётган “Андижон” клуби академияси учун иқтидорли футболчилар айнан шу тайёрлов марказлари орқали саралаб олинади. Бу эса ҳудудлардаги истеъдодли болалар учун катта имкониятлар эшигини очади.

Қувонарлиси, мазкур лойиҳа изчил давом этмоқда. Бугун иккинчи тайёрлов марказининг очилиш маросими Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган 1-сон техникум майдонида бўлиб ўтади. Бу каби марказлар сонининг кўпайиши эса футболнинг энг чекка ҳудудларгача кириб боришига, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ва соғлом авлод тарбиясига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Муҳтарам Президентимиз томонидан футбол соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар амалда ўз самарасини кўрсатмоқда. “Андижон” футбол клубининг мазкур лойиҳаси эса бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намунаси бўлиб, келажак чемпионларини тарбиялаш йўлида муҳим қадам сифатида тарихга муҳрланиши шубҳасиз.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг