Футбол. Ҳақамлар академиясининг илк битирувчилари сертификатга эга бўлишди
Ҳақамлар академиясининг биринчи битирувчилари ўқув дастурини муваффақиятли якунлади.
Тадбир доирасида аввал О‘ФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов нутқ сўзлаб, ҳалол, масъулиятли ва ўз устида ишлайдиган ёш ҳақамлар келгусида Биринчи лига, Про лига ва Суперлига учрашувларида ҳам фаолият олиб бориши мумкинлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, О‘ФА президенти маслаҳатчиси Аваз Азизхўжаев, О‘ФА бош котиби Аваз Махсумов ҳамда Ҳақамлар қўмитаси раиси Бобур Ҳайдаров тингловчиларни табриклаб, лойиҳа аҳамияти ва ёш ҳақамлар учун яратилган имкониятлар ҳақида фикр билдирди.
Ҳақамлар академиясида ўқув жараёни 2025-йил 1-майдан 1-декабрга қадар давом этди. Дастур давомида тингловчилар назарий билимлар билан бирга амалий тажриба ҳам тўплашди. Жумладан, улар О‘ФА кубоги, О‘ФА биринчилиги ва вилоятлар терма жамоалари ўртасидаги мусобақаларда ҳақамлик қилиб ўз маҳоратларини мустаҳкамлади.
Тадбир якунида Ҳақамлар академиясини тамомлаган тингловчиларга сертификатлар топширилди.