«Фулҳем» Марку Силва билан шартномани узайтирмоқчи
Томонлар ўртасида тузилган амалдаги келишув жорий мавсум охирида якунига етади.
ФОТО: Getty Images
Лондоннинг «Фулҳем» клуби жамоа бош мураббийи Марку Силва билан шартномани узайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Мутасаддининг амалдаги шартномаси жорий мавсум охирида якунга етади, унда 15 миллион евролик товон пули бор банди мавжуд.
Аввалроқ «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» португалиялик мураббий билан ҳамкорлик қилиш имкониятини ўрганиб чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Қайд этилишича, «Фулҳем» Силвага узоқ муддатли шартнома таклиф қилмоқчи.
Маълумот учун, Марку Силва 2021 йилдан буён «Фулҳем»ни бошқариб келмоқда. У мураббийлик фаолияти давомида «Эвертон», «Уотфорд», «Ҳалл Сити», «Олимпиакос», «Спортинг» ва «Эшторил» клубларида ҳам ишлаган.
Насрулло Каримов
Журналист