Франческо Тотти баскетбол клубида маслаҳатчи бўлиб ишлайди
“Рома” афсонаси Франческо Тотти янги ташкил этилган “Maxima Roma” баскетбол клуби лойиҳасига қўшилди. 49 ёшли италиялик собиқ футболчи клуб раҳбариятига маслаҳатчи сифатида ёрдам беради. “Maxima Roma” жорий йилнинг июнь ойида америкалик тадбиркор Пол Матиасич томонидан ташкил этилган.
Тоттининг вазифалари фақат маслаҳат бериш билан чекланмайди. У клуб мухлислар базасини ривожлантириш, янги тарафдорларни жалб қилиш ҳамда ижтимоий лойиҳаларда ҳам иштирок этади. “Maxima Roma” янги мавсумда Италия А Серияси ва Еврокубокда қатнашади.
Лойиҳага яна бир таниқли футболчи — Чиро Иммобиле ҳам жалб қилиниши мумкин. У клуб томонидан эълон қилинган таништирув видеосида кўриниш берган.
Маълумот учун, Тотти бутун профессионал футболчилик фаолиятини “Рома”да ўтказган ва 2017-йилда фаолиятини якунлаган. Энди у спортдаги янги босқичини баскетбол соҳасида бошламоқда.