Фоден «Манчестер Сити» билан 2030 йилгача шартнома имзолади
«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Фил Фоден клуб билан янги тўрт йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда «шаҳарликлар» расмий сайти хабар берди.
Янги келишувга кўра, 26 ёшли футболчи 2030 йилгача «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилади.
Клуб баёнотида таъкидланишича, болалигидан «Сити» мухлиси бўлган Фоден тўққиз ёшида клуб академиясига қўшилган ва 2017 йилда Пеп Гвардиола қўл остида асосий жамоада дебют қилган. Шундан буён у клуб тарихидаги энг совриндор футболчилардан бирига айланди.
Фоден «Манчестер Сити» сафида жами 20 та йирик совринни қўлга киритган. 2026 йил май ойида Фил «Манчестер Сити» сафида Англия Премьер-лигасида 100 та самарали ҳаракат (гол ва ассист) қайд этган олтинчи футболчига айланди. Шунингдек, у клубнинг 132 йиллик тарихи давомида 100 та гол урган атиги 20 нафар футболчидан бири ҳисобланади.