Фоден Чемпионлар лигасида ҳафтанинг энг яхши футболчиси деб топилди
«Ман Сити» футболчиси «Боруссия Д»га қарши баҳсда дубль қайд этди.
ФОТО: Getty Images
«Манчестер Сити» ҳужумкор яримҳимоячиси Фил Фоден Чемпионлар лигасида ҳафтанинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда турнир матбуот хизмати хабар бермоқда.
Англиялик футболчи гуруҳ босқичининг 4-турида Дортмунднинг «Боруссия» жамоасига қарши ўйинда дубль қайд этди. Фоденнинг иккита голи «шаҳарликлар»га рақибни 4:1 ҳисобида мағлуб этишга ёрдам берди.
Овоз бериш натижасига кўра, Фоден «Галатасарой» ҳужумчиси Виктор Осимҳен, «Брюгге» вингери Карлуш Форбш ва «Арсенал» яримҳимоячиси Микел Меринони ортда қолдирди.
Маълумот учун, Фоден жорий мавсум Чемпионлар лигасида 3 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та голга муаллифлик қилди.
Насрулло Каримов
Журналист