Флик Жюл Кунде’ни огоҳлантирди: “Барселона” ҳимоячини трансферга қўйиши мумкин
“Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ҳимоячи Жюл Кунде билан унинг жамоадаги ҳолати юзасидан алоҳида суҳбат ўтказган. El Nacional нашри L’Équipe маълумотларига таяниб ёзишича, немис мутахассиси француз футболчисидан ўз ўйинини тезроқ яхшилашни талаб қилган.
Кунде жорий мавсумда аввалгидек асосий таркибнинг дахлсиз футболчиси бўлиб қолмади. Манбага кўра, Флик унга ҳали ҳам ишонч билдирмоқда, бироқ вазият ўзгармаса, мураббий уни қўллаб-қувватлашда давом эта олмаслигини тушунтирган. Шундай ҳолатда “Барселона” футболчини келгуси трансфер ойнасида сотиш вариантини кўриб чиқиши мумкин.
Бу Кунденинг “Барселона”даги аввалги мавқеидан кескин фарқ қилади. 2024/25-йилги мавсумда у Флик жамоасининг энг кўп фойдаланилган футболчиларидан бири бўлган, клуб эса 2025-йил август ойида ҳимоячи билан шартномани 2030-йил 30-июнгача узайтирган эди.
Маълумот учун, 27 ёшли Кунде “Барселона”га 2022-йилда “Севилья”дан келиб қўшилган. У марказий ҳимоячи ва ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ҳаракат қила олади. Клубнинг расмий маълумотига кўра, француз футболчиси 2025/26-йилги мавсумда 47 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урган ва 4 та голли узатма амалга оширган.