Флик ва Деку Решфорднинг «Барселона»даги келажаги борасида тортишиб қолди
«Барселона» бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик «Манчестер Юнайтед»дан ижара асосида ўйнаётган ҳужумчи Маркус Решфордни доимий равишда клуб таркибида қолдиришни талаб қилмоқда. Ўз навбатида, клуб спорт директори Деку «Челси» вингери Педру Нету номзодини муқобил вариант сифатида кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Touchline нашри хабар берди.
Манбага кўра, немис мутахассиси Декуга ҳужум чизиғининг чап қанотини кучайтириш учун 28 ёшли англиялик футболчи устувор вариант эканлигини билдирган. «Манчестер Юнайтед» билан олиб борилаётган қийин музокараларга қарамай, Флик жамоада Решфорддан бошқани кўришни истамаяпти.
Аввалроқ, оммавий ахборот воситаларида «Барселона» ҳужумчини «Манчестер Юнайтед»дан 30 миллион евро эвазига сотиб олишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Решфорд каталонияликлар сафида барча турнирларда 38 та учрашув ўтказиб, 10 та гол ва 13 та голли узатмага муаллифлик қилган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 40 миллион еврога тенг.