«Фиорентина» ўз таркибини «Челси»нинг икки ҳимоячиси ёрдамида кучайтирмоқчи
«Фиорентина» «Челси»нинг марказий ҳимоячиси Жош Ачимпонгга қизиқиш билдирмоқда. «Бинафшалар» 19 ёшли футболчини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара асосида олиб келиш вариантини кўриб чиқмоқда. Ачимпонгнинг ўзи ҳам Лондон клубини тарк этишга тайёр. Бу ҳақда Tuttomercatoweb нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, италияликлар «Челси»нинг яна бир ҳимоячиси — 27 ёшли Аксел Дисасига ҳам қизиқмоқда. Франциялик футболчи жорий мавсумда асосий таркибда майдонга тушмаяпти.
Ачимпонг жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 8 учрашувда қатнашиб, битта гол муаллифлик қилган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, ёш ҳимоячининг бозор қиймати 15 миллион евронни ташкил этади.
Дисаси эса бу мавсумда «Челси» асосий жамоаси сафида бирорта ўйинда майдонга тушмаган. Унинг шартномаси ҳам 2029 йилгача амал қилади. Transfermarkt баҳосига кўра, ҳимоячининг қиймати 18 миллион евро тенг.