«Фиорентина» президенти Рокко Коммиссо вафот этди
Италиянинг «Фиорентина» клуби расмий сайти орқали клуб президенти Рокко Коммиссоннинг вафоти ҳақида хабар берди. У вафот этган пайтда 76 ёшда эди.
«Узоқ давом этган даволанишдан сўнг севимли президентимиз бизни тарк этди ва бугун барчамиз унинг вафоти муносабати билан қайғудамиз. Унинг “Фиорентина”га бўлган муҳаббати ўзига қилган энг буюк совғаси эди — у доимо ғамхўрлик кўрсатиб, атрофдагиларга табассум улашарди. Тинимсиз меҳнат қилган ҳолда, сўнгги кунларига қадар “Фиорентина” ва унинг келажаги учун яшади. Футбол унинг эҳтироси эди. Етти йил аввал Рокко “Фиорентина”ни бошқарганида, у клуб мухлислари, ранглари ва Флоренция шаҳарини чин дилдан севиб қолди. “Мени шунчаки Рокко деб чақиринг”, — дерди у барчага самимийлик билан. Сени соғинамиз ва ҳар доим соғиниб қоламиз», — дейилади клуб баёнотида.
Жорий мавсумда «Фиорентина» Италия А Серияси турнир жадвалида 20 турдан сўнг 14 очко билан 18-ўринда бормоқда. Клуб 2019 йил июн ойида Рокко Коммиссо томонидан 150 миллион доллар эвазига сотиб олинган эди.