Филипе Луис — «Челси» бош мураббийлигига асосий номзод
«Челси» клубининг собиқ ҳимоячиси Филипе Луис жамоа бош мураббийлиги учун асосий номзод бўлиб турибди. Инсайдер Фабрицио Романонинг ижтимоий тармоқларда берган маълумотига кўра, Лондон клуби бразилиялик мутахассисни шу ёздаёқ тайинлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. «Челси» раҳбарияти Луисни таркибни тубдан қайта қуриш ва «Стэмфорд Бридж»да янги ўйин услубини шакллантиришда асосий фигура сифатида кўрмоқда.
Филипе Луис мураббий сифатидаги тезкор ўсиши ва клуб ички фалсафасини чуқур тушуниши (сабаби у илгари «кўклар» сафида тўп сурган) туфайли юқори баҳоланган. Луис 2014/2015 йилги мавсумда «Челси» шарафини ҳимоя қилган. Лондон клуби таркибида бразилиялик футболчи 26 та ўйинда майдонга тушиб, жамоанинг Премьер-лига ва Лига кубогига ғалаба қозонишига ёрдам берган.
Ҳозирда Луис билан музокаралар фаол давом этмоқда ва у асосий даъвогарлар рўйхатидан жой олган. Бразилиялик мутахассис жорий йилнинг март ойида «Фламенго» клубидан истеъфога чиқарилган эди ва ўшандан бери ишсиз бўлиб турибди.