Филипе Луис «Байер» бош мураббийига айланишга яқин турибди
Бразилиялик мутахассис Филипе Луис Леверкузеннинг «Байер» клуби бош мураббийлигига жуда яқин. Бу ҳақда таниқли журналист ва инсайдер Флориан Плеттенберг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, Бундеслига вакили янги бош мураббий қидирмоқда ва 40 ёшли мутахассис ушбу лавозимга асосий номзод сифатида кўриб чиқилмоқда. Клуб раҳбариятида яна бир нечта муқобил номзодлар бор бўлса-да, айнан Филипе Луис жамоанинг бош мақсадидир.
Томонлар ўртасидаги музокаралар аллақачон бошланган. Якуний келишувга эришилиши билан «Байер» амалдаги бош мураббий Каспер Юлманднинг истеъфога чиқарилганини расман эълон қилади.
Филипе Луиснинг сўнгги иш жойи Бразилиянинг «Фламенго» клуби бўлиб, у ерда 2024 йилдан 2026 йилгача фаолият юритди ва жамоа билан биргаликда Либертадорес кубоги ғолиблигини қўлга киритди.