FIFAнинг тинчлик мукофоти бекор қилиниши мумкин
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) томонидан таъсис этилган тинчлик мукофотининг келажаги сўроқ остида қолди. Ташкилот кенгашининг бир қатор аъзолари FIFA президенти Жанни Инфантинони мазкур мукофотни бекор қилиш ёки уни сиёсатдан ажратишга чақирган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 15-октябрь куни ўтказилган FIFA кенгаши йиғилишида ушбу масала муҳокама қилинган. Айрим аъзолар мукофотни бутунлай бекор қилиш тарафдори бўлган, бошқалари эса уни фақат футбол орқали ижтимоий тотувликка ҳисса қўшган шахсларга беришни таклиф қилган.
Баҳсларга 2025 йилда ушбу мукофотнинг АҚШ президенти Дональд Трампга топширилгани сабаб бўлган. Мукофот соҳибини танлаш тартиби ошкор этилмагани ташкилот ичида саволлар уйғотган. Энди FIFAнинг ижтимоий масъулият қўмитаси мукофот мезонлари ва уни бериш тартибини қайта кўриб чиқади.
Маълумот учун, FIFA тинчлик мукофоти 2025 йил ноябрь ойида таъсис этилган. Қўмита ўз тавсияларини 16 декабрь куни Доҳа шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги кенгаш йиғилишидан олдин тақдим этиши кутилмоқда. Ҳозирча мукофотни бекор қилиш бўйича якуний қарор йўқ.