locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

FIFA ЖЧ—2026 стадионларига Эроннинг эски байроғини олиб киришни тақиқлаши мумкин

Мухлислар ундан ўзлик рамзи ва амалдаги Эрон ҳукуматига қарши норозилик белгиси сифатида фойдаланишади.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
ФОТО: Getty Images

Халқаро футбол федерацияси (FIFA) 2026-йилги Жаҳон чемпионати ўйинлари ўтадиган стадионларга Эроннинг инқилобдан олдинги эски байроғини олиб киришни яна тақиқлаши кутилмоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.

“Арслон ва қуёш” тасвири туширилган ушбу эски байроқ Эрон диаспораси вакиллари томонидан кенг қўлланилади. Мухлислар ундан ўзлик рамзи ва амалдаги Эрон ҳукуматига қарши норозилик белгиси сифатида фойдаланишади.

The Athletic нашри бўлажак турнир давомида мазкур рамз ёки унга алоқадор кийимларнинг стадионларга киритилиши юзасидан халқаро ташкилотга савол берган. FIFA эса ўз жавобида стадионларда ҳар қандай сиёсий, диний ёки камситувчи мазмундаги материалларни тақиқловчи қоидалар мавжудлигини эслатиб ўтган.

FIFA бундай чекловни биринчи марта қўллаётгани йўқ. ЖЧ-2022 ўйинларида ҳам ушбу байроқни кўтарган ёхуд Эрон ҳукуматига қарши ёзувлар туширилган кийим киган айрим мухлислар Қатар стадионларига киритилмаган эди.

Маълумот учун, ЖЧ-2026 баҳслари 11-июндан 19-июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Бу галги мундиалда тарихда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго ДР Эбола эпидемияси туфайли Жаҳон чемпионатида мухлисларсиз ўйнаши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Насрулло Каримов
Насрулло Каримов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг