FIFA ЖЧ-2026 олдидан Youtube билан ҳамкорлик шартномасини имзолади
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ва YouTube видео платформаси 2026 йилги жаҳон чемпионати арафасида ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда FIFA матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур келишув трансляция ҳуқуқига эга бўлган телерадиокомпанияларга ўйинларни видео платформада жонли эфирда намойиш этиш имконини беради. Бу орқали мусобақа ташкилотчилари глобал миқёсда ёш аудиторияни жалб қилишни кўзда тутган.
Ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, трансляция ҳуқуқи эгалари жаҳон чемпионати ўйинларининг дастлабки 10 дақиқасини YouTube орқали бепул кўрсатишлари мумкин бўлади. Бу усул ёш мухлисларни учрашувнинг қолган қисмини анъанавий телеканаллар орқали томоша қилишга ундашга хизмат қилади.
Шунингдек, телерадиокомпаниялар ўзларининг YouTube каналларида танланган учрашувларни тўлиқ ҳажмда трансляция қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўладилар. Бу орқали мусобақанинг қолган қисмини қаерда томоша қилиш мумкинлиги ҳақида реклама бериш ва аудиторияни кенгайтириш режалаштирилган. Ҳозирча битимнинг молиявий тафсилотлари очиқланмаган.