FIFA ЖЧ-2026 финалидаги танаффус узайтирилиши мумкин
FIFA ЖЧ-2026 финал учрашувидаги танаффус вақтини одатдаги 15 дақиқадан 30 дақиқагача узайтириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бунинг сабаби финал баҳсида ташкил этилиши режалаштирилган йирик мусиқий шоу бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, тарихда илк бор Жаҳон чемпионати финалида Super Bowl услубидаги танаффус шоуси ўтказилади. Унда Жастин Бибер, Шакира, Мадонна ва BTS каби жаҳон юлдузлари иштирок этиши кутилмоқда. Мусиқа дастури тахминан 11 дақиқа давом этади, қолган вақт эса саҳнани ўрнатиш ва йиғиштириш учун керак бўлади.
Бироқ бундай қарор футбол жамоатчилигида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Амалдаги футбол қоидаларига кўра, танаффус 15 дақиқадан ошмаслиги керак. Муттахассислар ва собиқ футболчилар танаффуснинг узайтирилиши футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва ўйин ритмига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 финал учрашуви 19-июль куни АҚШнинг MetLife Stadium стадионида бўлиб ўтади. Бу тарихдаги илк Жаҳон чемпионати финали бўлиб, унда махсус танаффус шоуси ташкил этилиши режалаштирилган.