FIFA Жаҳон чемпионати ҳуқуқлари бўйича баёнот берди: “Ҳеч ким футболни сотмаяпти”
FIFA Жаҳон чемпионати ва бошқа йирик мусобақаларнинг тижорий ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга топшириш режаси юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Ташкилот тарқалган танқидларга жавобан: “Ҳеч ким футболни сотмаяпти”, дея таъкидлади.
FIFA маълум қилишича, таклиф этилаётган лойиҳа футболни хусусийлаштиришни эмас, балки мусобақаларнинг тижорий фаолиятини янада самарали бошқариш ва 211 та миллий ассоциацияга кўпроқ маблағ йўналтиришни кўзда тутади. Шунингдек, ташкилот янги тузилма устида тўлиқ назорат FIFA қўлида қолишини таъкидлади.
Баёнотда FIFA барча конфедерациялар ва миллий ассоциациялар билан очиқ маслаҳатлашув жараёни давом этишини билдирган. Ташкилот ушбу ташаббус футболни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UEFA ва унга аъзо 55 та миллий ассоциация FIFAнинг мазкур режасига кескин қарши чиқиб, Жаҳон чемпионати футболнинг умумий мероси эканини таъкидлаган ҳамда лойиҳа бекор қилинмаса, FIFA мусобақаларини бойкот қилишини маълум қилган эди.