FIFA Томас Парти билан боғлиқ визасиз вазиятга муносабат билдирди
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Гана терма жамоаси яримҳимоячиси Томас Партига Канада ҳукумати томонидан виза берилмагани ва шу сабабли у ЖЧ-2026 доирасидаги Панамага қарши учрашувда (18-июн) иштирок эта олмаслиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Бу ҳақда The Athletic нашри FIFA баёнотига таянып хабар бермоқда.
«FIFA Гана терма жамоасининг АҚШнинг Бостон шаҳридаги базавий лагерида бўлиб турган футболчи Томас Парти пайшанба куни, 18-июн санаcида Панамага қарши ўтказиладиган дастлабки ўйин учун Канадага йўл ола олмаслигини тасдиқлайди. Чунки унинг виза олиш бўйича берган аризаси Канада ҳукумати томонидан рад этилган.
FIFA мезбон мамлакатларнинг иммиграция жараёнларига, жумладан, виза масалаларини кўриб чиқишга аралашмайди. Аввалги FIFA тадбирларида бўлгани каби, ким виза олиши ва мамлакатга киришига рухсат берилиши борасидаги якуний қарорни мезбон давлат ҳукуматининг ўзи қабул қилади», — дейилади ташкилот баёнотида.
Қайд этиш жоизки, Канада ҳукуматининг расмий сайтида «агар сиз жиноят содир этган бўлсангиз ёки унда айбдор деб топилган бўлсангиз, сизга Канадага кириш рад этилиши мумкин» деган қоида кўрсатилган.
Маълумот учун, 2025 йилнинг июль ойида Лондон полицияси Партини бир нечта ҳолат бўйича зўрлашда айблаган эди. Ганалык футболчи ўз айбини тан олмаган ва ҳозирда суд жараёнини кутмоқда.