FIFA Сенегал терма жамоасидан формадаги юлдузни олиб ташлашни талаб қилди
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Сенегал терма жамоасидан ЖЧ-2026 учун мўлжалланган спорт формасидаги юлдузча тасвирини олиб ташлашни талаб қилди. Бу ҳақда журналист Майки Жуниор маълум қилди.
Гап шундаки, амалдаги қоидаларга кўра, логотип устидаги юлдузлар бошқа турнирлардаги эмас, балки фақат Жаҳон чемпионатларидаги ғалабаларни англатиши лозим. Сенегал терма жамоаси либосидаги юлдузча эса жамоа 2021 йилда Африка Миллатлар кубогида ғолиб чиққанидан кейин пайдо бўлган эди.
Худди шундай ҳолат Миср терма жамоаси билан ҳам содир бўлган — FIFA ушбу жамоадан ҳам ўйин формасидаги юлдузларни олиб ташлашни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати 11-июндан 19-июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда. Гуруҳ босқичида Сенегал терма жамоаси Франция, Норвегия ва Ироқ жамоаларига қарши майдонга тушади.