FIFA раҳбари Жанни Инфантино Тошкентга ташриф буюрди
FIFA президенти Жанни Инфантино 29–30-сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Ташрифдан асосий мақсад мамлакатимизда футболни оммалаштириш, футбол инфратузилмасини ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда FIFA ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Манбага кўра, FIFA делегацияси ташриф давомида Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар ва объектлар билан танишади. Шунингдек, оммавий футбол қамровини кенгайтириш, ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.
Ташриф доирасида Инфантино Тошкентдаги 90-сонли мактабга ҳам борди. FIFA раҳбари бу ерда FIFA Arena лойиҳаси доирасида қурилган янги футбол майдонининг очилиш маросимида иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон спорт вазири, ЎФА раҳбарияти ҳамда футбол фахрийлари ҳам қатнашди.
Маълумот учун, Жанни Инфантинони Тошкент халқаро аэропортида спорт вазири Адҳам Икрамов ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов кутиб олди. FIFA раҳбарининг Ўзбекистондаги ташрифи икки кун давом этади.