FIFA президенти ЖЧ-2026 фаворити қайси жамоа эканини маълум қилди
FIFA президенти Жанни Инфантино 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг асосий фаворитлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У Испания терма жамоасини турнирнинг бош соврини учун асосий даъвогарлардан бири сифатида қайд этди.
«Испания, шубҳасиз, фаворитлардан бири ҳисобланади. Биз уларнинг кучли томонларини яхши биламиз. FIFA рейтингида биринчи ўринда бораётган жамоа Жаҳон чемпионатининг яққол фаворити бўлиши табиий ҳолат», — дея Инфантинонинг сўзларини келтирмоқда AS нашри.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Қуръа ташлаш маросимига кўра, Испания терма жамоаси «H» гуруҳидан жой олди. Улар гуруҳ босқичида Кабо-Верде, Саудия Арабистони ва Уругвай терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади.