FIFA Инфантинонинг йўқотилган обрўсини қайтариш учун 2,5 млн евродан ортиқ маблағ сарфлайди
FIFA ташкилот президенти Жанни Инфантино ва федерация имижини яхшилаш мақсадида катта миқдорда маблағ ажратган. The Times маълумотига кўра, FIFA Британиянинг Ten Toes Media агентлиги билан 22 ойлик шартнома тузган бўлиб, келишув қиймати 2,3 миллион фунт стерлингни, яъни 2,5 миллион евродан ортиқ маблағни ташкил этади.
Шартнома 2025-йил март ойида кучга кирган ва 2026-йил декабрига қадар амал қилади. Агентлик FIFA'нинг LinkedIn, Instagram, Facebook ва X каби ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари билан ишлайди. Ҳужжатларда компаниянинг асосий вазифаларидан бири сифатида “FIFA ва президент Жанни Инфантино имижини ҳимоя қилиш”, ташкилотнинг интернетдаги фаоллигини ошириш ҳамда контентга нисбатан ижобий муносабат шакллантириш кўрсатилган.
Мазкур хабар Инфантино атрофидаги танқидлар кучайган бир пайтда пайдо бўлди. FIFA раҳбари сўнгги вақтларда Жаҳон чемпионати ва бошқа йирик мусобақаларнинг тижорий ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режалари сабаб кескин танқидга учраган. UEFA эса бу масала юзасидан Инфантинога қарши мустақил тергов ўтказилишини талаб қилмоқда.
Маълумот учун, FIFA президентлиги учун навбатдаги сайлов 2027-йил 18-март куни бўлиб ўтади. Инфантино 2016-йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келмоқда ва навбатдаги сайловда яна президентлик учун курашиши кутилмоқда.