ЎФФ Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Бугун Ўзбекистон футзал федерацияси Президенти Бекзод Маматқулов раҳбарлигида ЎФФ Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ижроия қўмитаси аъзолари, мамлакат терма жамоалари бош мураббийлари ҳамда федерация масъул ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида ЎФФ Бош котиби И. Марупов ўтган давр мобайнида федерация фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Шунингдек, 2026/2027 йилги футзал мавсумига тайёргарлик, мамлакат Олий лигаси мусобақаси дастлабки турларига ҳамда 2-сентябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Суперкубоги учрашувига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбари Бекзод Маматқулов янги мавсумни юқори савияда ташкил этиш, миллий чемпионат нуфузини ошириш ҳамда футзални янада оммалаштириш мақсадида қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди. Хусусан:
учрашувларни замонавий инфратузилмага эга спорт иншоотларида ўтказиш;
мусобақалар географиясини кенгайтириш;
ҳакамлик сифатини тубдан яхшилаш;
телетрансляциялар билан боғлиқ масалаларни тизимли ҳал этиш;
клубларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, Мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш департаменти ҳисоботига кўра, мамлакат чемпионати, биринчилик ҳамда Ўзбекистон кубоги мусобақаларининг муддатлари ва ўтказилиш манзиллари бўйича аниқликлар киритилди.
Йиғилишда Ўзбекистон миллий, ёшлар ва соҳил футболи терма жамоаларининг тақвим режалари ҳам кўриб чиқилиб, тасдиқланди. Жумладан, FIFA кунлари доирасида миллий терма жамоанинг Европадаги кучли рақибларга қарши ўртоқлик учрашувлари, ёшлар терма жамоасининг Ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган Осиё ўйинларидаги иштироки ҳамда соҳил футболи терма жамоасининг Осиё чемпионатига тайёргарлиги юзасидан тегишли топшириқлар белгиланди.
Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
ЎФФ Ижроия қўмитаси тавсиясига кўра:
• Анвар Саъдуллаев — ЎФФ Президенти маслаҳатчиси;
• Баҳодир Маматназаров — Кадрлар ва ахборот-таҳлил департаменти бошлиғи;
• Рустам Зупаров — Терма жамоалар билан ишлаш департаменти бошлиғи лавозимларига тайинланди.
Шунингдек, ЎФФ Ижроия қўмитаси томонидан 2026/2027 йилги мавсум учун ЎФФ Интизом комиссиясининг янги таркиби ҳам тасдиқланди. Комиссия таркибига Федерация президенти маслаҳатчиси А.Саъдуллаев, футзал фахрийси М. Азизхўжаев, ЎФФ Футбол фахрийлари кенгаши раиси Р. Зикряев, ЎзПФЛ юристи О. Иброҳимхонов ҳамда ЎФФ департаменти бошлиғи О. Юнусов киритилди.
Йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини якунлади.