locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

ЎФФ Ижроия қўмитаси: Ватан шаъни ҳар нарсадан улуғ ва муқаддас

Бекзод Маматқулов раҳбарлигида ЎФФ Ижроия қўмитасининг федерация мутасаддилари ҳамда терма жамоа мураббийлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
ЎФФ Ижроия қўмитаси: Ватан шаъни ҳар нарсадан улуғ ва муқаддас
photo: UFF

Бугун Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов раҳбарлигида ЎФФ Ижроия қўмитасининг федерация мутасаддилари ҳамда терма жамоа мураббийлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда федерациянинг сўнгги икки ой давомида амалга оширган ишлари сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги устувор вазифалар белгиланиб олинди.

Дастлаб, ЎФФ бош котиби ва департамент раҳбарларининг амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди. Мамлакат миллий чемпионатининг ҳал қилувчи турларига тайёргарлик жараёни, шунингдек, Биринчи лига мусобақаси якунлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббий Хосе Мария Мендес бошчилигида ўтказилган илк йиғини ҳақида маълумот берилди.

Йиғилишда федерация раҳбари тажрибали мутахассис атрофида ишларини тизимли ташкил этиш, миллий терма жамоа учун муносиб ўринбосарлар тайёрлаш жараёнини энг кичик ёш тоифаларидан бошлаш зарурлигини таъкидлади. Асосий вазифа сифатида 2029 йилда Ўзбекистонда ўтадиган Осиё ёшлар ўйинларига 2013 йил ва ундан кейин туғилган иқтидорли ёшларни саралаб олиш, уларни терма жамоа сифатида шакллантириш ҳамда ўз майдонимизда юқори натижалар учун курашиш лозимлиги қайд этилди.

Қолаверса, ўсиб келаётган авлод мамлакат футзалининг келажаги экани, улар яқин истиқболда миллий терма жамоанинг асосий ўйинчиларига айланиши алоҳида урғуланди. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари мураббийлари асосий жамоа бош мураббийига кўмакчи сифатида селекция ишларига жиддий ёндашишлари лозимлиги таъкидланди.

Испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес ўтказилган илк йиғинидан мамнун эканини билдириб, Ўзбекистон азалдан истеъдодлар юрти эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бугун ҳам жаҳон миқёсида юқори натижаларга эриша оладиган иқтидорли ўйинчилар етарли, фақат уларни тўғри йўналтириш ва ривожлантириш муҳим. Терма жамоа эшиклари барча футзалчилар учун очиқ эканини билдирди.

Йиғилиш давомида миллий терма жамоа йиғинига айрим ўйинчилар ва мураббийларнинг масъулиятсиз муносабати кескин танқид қилинди. Хусусан, яқин хорижда ўтказилаётган тижорат турнирларида иштирок этишни Ватан шаънидан устун қўйиш ҳолатлари мухлислар ва мутахассислар норозилигига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, бундай ҳолатларда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳам муҳокама қилинди. Чунки айрим спортчиларнинг хориждаги мусобақаларда бахтсиз ҳодисаларга учрагани, оғир жароҳатлар олгани ёки ҳаётдан кўз юмган ҳолатлар мавжуд. Бундай вазиятларда масъулият масаласи долзарб бўлиб, спортчининг қайси ташкилот ёки клуб рўйхатидан ўтгани биринчи ўринга чиқиши таъкидланди.

2025/2026 йилги мавсум учун тасдиқланган Регламентнинг 12-бобида футзалчиларнинг мусобақаларда иштирокини тартибга солувчи аниқ талаблар белгиланган. Унга кўра, ЎФФ рўйхатидан ўтган футзалчиларнинг ўз клуби билан тузилган шартнома асосида мамлакат ичида ёки хориждаги бошқа жамоалар сафида майдонга тушиши тақиқланади. Акс ҳолда клубларга нисбатан жарима санкциялари қўлланилади.

Шундан келиб чиқиб, Ижроия қўмитаси кейинги мавсум Регламентида мазкур ҳолатларга нисбатан янада қатъий чекловлар жорий этилишини билдирди. Руҳсатсиз хорижий тижорат турнирларида иштирок этган футзалчилар ва мураббийларга нисбатан биринчи марта огоҳлантириш берилиши, яна такрорланса уларни ЎФФ рўйхатидан чиқариш ва ҳатто клуб билан тузилган шартномани бекор қилишгача бўлган қатъий чоралар қўлланилиши белгиланди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг