Фернандеш ассистлар сони бўйича «МЮ» рекордини ўрнатди
Португалиялик футболчи Дэвид Бекхэмни ортда қолдирди.
ФОТО: Getty Images
«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Бруну Фернандеш Англия Премьер-лигасининг 30-турида «Астон Вилла»га (3:1) қарши кечган баҳсда иккита голли узатмага муаллифлик қилди.
Шу тариқа, португалиялик футболчи жорий мавсумдаги ассистлар сонини 16 тага етказиб, клуб тарихидаги бир мавсумдаги энг яхши кўрсаткич бўйича янги рекорд ўрнатди.
«Қизил иблислар» тарихида бир мавсумдаги голли узатмалар сони бўйича иккинчи ўринда Дэвид Бекхэм турибди: у 1999/2000 йилги мавсумда 15 та ассист қайд этган. Кучли учликни эса 2010/2011 йилги мавсумда 14 та голли узатмани амалга оширган Луиш Нани якунлаб турибди.
Айни дамда «Манчестер Юнайтед» 54 очко билан Англия чемпионати турнир жадвалида учинчи поғонада бормоқда.
Насрулло Каримов
Журналист