Ферлан Менди оғир жароҳат туфайли фаолиятини якунлаш ҳақида ўйламоқда
Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Ферлан Мендининг жароҳати кутилганидан анча жиддий бўлиб чиқди. 30 ёшли футболчи бир йилга сафдан чиқиш хавфи остида турибди. Бу ҳақда COPE нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, Мендига пайнинг суякдан узилиб кетиши ташхиси қўйилган. Агар француз футболчисининг тикланиш жараёни муваффақиятсиз кечса, у профессионал фаолиятини якунлашига тўғри келиши мумкин. Охирги янгиликлар фонида ҳимоячи бу ҳақда жиддий ўйлай бошлаган.
Менди 2019 йилдан буён «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 9 та ўйинда майдонга тушди ва самарали ҳаракатлар билан ажралиб турмади. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳимоячининг айни дамдаги бозор қиймати 6 миллион еврога тенг.