Федерико Вальверде Тчуамени билан кийиниш хонасидаги жанжал ҳақида: «Бу вазият келажакда мени янада яхши сардорга айлантиради»
Мадриднинг «Реал» клуби яримҳимоячиси Федерико Вальверде шу йилнинг май ойи бошида жамоадоши Аурельен Тчуамени билан кийиниш хонасида юз берган кўнгилсиз ҳодиса борасидаги ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди. Ўшандаги тўқнашув натижасида Вальверде бошидан жароҳат олган эди. Клуб ички интизомий суриштирув якунларига кўра, ҳар икки футболчи ҳам 500 минг евро миқдорида жаримага тортилган эди.
«Мен ўзимни яхши ҳис қиляпман. Жуда кўп инсонлардан, мухлислардан ва клубдан катта қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳр кўрдим. Ўсиш ва улғайиш учун баъзида мана шундай кичик тўсиқларни ҳам босиб ўтишга тўғри келади. Бу воқеаларнинг барчаси келажакда мени янада яхши сардорга айлантиради, деб ишонаман», — дея Вальверденинг сўзларини келтирмоқда Cadena Ser нашри.
Ортда қолган мавсумда уругвайлик яримҳимоячи «Реал» сафида барча турнирлар доирасида 49 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол урди ва 13 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.