Файзуллаев масаласида ЦСКА танқидга учради
«Ахмат» жамоасининг собиқ мураббийи Сергей Ташуев ЦСКА бош мураббийи Фабио Челестинининг ўзбек яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевни асосий таркибдан ташқари қолдиргани борасида танқидий фикр билдирди.
Ташуевни ўзбек ҳужумкор яримҳимоячисининг старт таркибда йўқлиги ҳайратга солган. «Тезкор футбол — яхши, лекин бу йўналишда кучайиш керак. Чунки Кисляк ҳам, Обляков ҳам тоза таянч яримҳимоячи эмас. Кисляк ҳеч бўлмаганда ҳимояда ишлай олади, лекин Обляков бундай эмас», — деди у.
Мураббий айниқса, Челестинининг Файзуллаев ўрнига Круговойни майдонга туширганини тўғри деб ҳисобламади.
«Унда ҳаракатчанлик, босимда фаоллик бор, лекин Файзуллаевга хос бўлган ҳужумкор креатив унда йўқ. Балки мураббий ҳали жамоани ўрганаётгандир. Аммо сўнгги йилларда ЦСКАда энг яхши ҳужумкор футболчилардан бири бўлган ўйинчини захирада қолдириб, ҳимоявий ёндашувга эга ўйинчини тушириши қизиқ ҳолат. Круговой ўтган мавсумда ҳам алоҳида фарқланмаган», — деди Ташуев.
Бу танқидлар Файзуллаевнинг «Истанбул Башакшехир»га ўтиши ҳақидаги миш-мишлар фонида янгради. Шу боис ЦСКАдаги ўзбек футболчисининг келажаги атрофидаги саволлар янада кучаймоқда.