ЎФАда 2029 йилги Аёллар ўртасидаги Осиё кубогига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон футбол ассоциациясида ЎФА раҳбарияти, Осиё футбол конфедерацияси (AFC) вакиллари ҳамда Австралияда 2026 йилда ўтказилган Аёллар ўртасидаги Осиё кубоги Маҳаллий ташкилий қўмитаси (LOC) раҳбарияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида 2029 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Аёллар ўртасидаги Осиё кубогига тайёргарлик жараёнлари, турнирни ташкил этишнинг асосий йўналишлари, инфратузилма, логистика, транспорт, жамоалар ва делегациялар учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда мусобақани самарали бошқариш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Австралияда 2026 йилда ўтказилган Аёллар ўртасидаги Осиё кубогининг Маҳаллий ташкилий қўмитаси раҳбарияти турнирга тайёргарлик жараёнида орттирилган тажриба билан ўртоқлашди. Меҳмонлар мусобақага тайёргарликнинг асосий босқичлари, операцион жараёнлар, турли йўналишлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда турнир давомида қўлланилган амалий ечимлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Учрашувда, шунингдек, халқаро илғор тажрибаларни Ўзбекистонда қўллаш ва аёллар футболини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни 2029 йилги турнир билан уйғунлаштириш бўйича фикр алмашилди.