Фабрисио Романо: «Хаби Алонсо «Челси»нинг трансфер сиёсатга бевосита таъсир ўтказади»
Таниқли инсайдер Фабрисио Романонинг хабар беришича, яқин вақт ичида Лондоннинг «Челси» клуби бошқарувини қўлга олиши кутилаётган испаниялик мутахассис Хаби Алонсо янги жамоасида трансфер стратегиясини белгилашда кенг ваколатларга эга бўлади.
Романо ўзининг YouTube каналидаги видеода ушбу келишувнинг муҳим тафсилотларини очиқлади:
«Менинг тушунишимча, Хаби Алонсо «Челси»нинг трансфер стратегиясини ишлаб чиқишда фаол иштирок этади. Унинг лондонликлар таклифини қабул қилганининг асосий сабабларидан бири ҳам унга футболчилар ва позицияларни танлаш, режалаштириш ҳамда муҳокама жараёнларида қатнашиш ҳуқуқи ваъда қилинганидир.
Албатта, бу қарорлар клуб раҳбарияти, яъни «Челси»да якуний сўзни айтадиган мутасаддилар билан биргаликда қабул қилинади. Жараён фақат бош мураббийнинг хоҳишига боғлиқ бўлиб қолмайди, бироқ замонавий футболда мураббийга бундай ваколат берилиши камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Хаби учун бу жуда муҳим шарт эди».
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОАВда Хаби Алонсонинг «Челси» бош мураббийлигига тайинланиши деярли ҳал бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.