Фабио Каннаваро: «Жисмоний тайёргарлик борасида яхши иш олиб бордик»
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Нидерландияга қарши кечган ўртоқлик учрашувидаги (1:2) мағлубиятдан сўнг, жамоанинг ЖЧ-2026 га кўраётган тайёргарлиги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Тайёргарлик жараёнини бир ойдан ҳам кўпроқ вақт олдин бошлаган эдик, легионер футболчиларимиз эса сафимизга биоз кечроқ қўшилишди. Шунга қарамай, жисмоний тайёргарлик борасида яхши иш олиб борганимизга ишонаман. Албатта, айрим футболчилар билан боғлиқ ҳали ҳал этишимиз лозим бўлган масалалар ҳам бор ва биз улар устида ишлашда давом этамиз», — дейди Каннаваро.
Маълумот учун, ҳар иккала терма жамоа ҳам бўлажак Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Мундиал гуруҳ босқичида Нидерландия терма жамоаси Япония, Тунис ва Швеция билан куч синашса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалия, Колумбия ҳамда Конго ДР терма жамоаларига қарши майдонга тушади.