ЎФА ва ЎзА ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва футбол тарғиботини кучайтириш масалалари диққат марказида бўлди.
Учрашув давомида яқинлашиб келаётган Жаҳон чемпионати доирасида мусобақа ўтказиладиган ҳудудлардан туриб ўзбекистонлик мухлисларга тезкорлик билан ахборот етказиш, видеоматериаллар ҳамда медиа маҳсулотлар тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, футболнинг оммавийлигини оширишга қаратилган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида соғлом рақобат ва спорт муҳитини шакллантириш мақсадида мини-футбол мусобақасини ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Якунда томонлар ахборот алмашинуви самарадорлигини ошириш ва спорт соҳасидаги муҳим янгиликларни кенг жамоатчиликка биргаликда етказиш юзасидан келишиб олдилар.