ЎФА ва ОФК раҳбарияти учрашув ўтказди
Ўзбекистонда футболни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа бошчилигидаги ОФК делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бугун Миллий футбол марказида ЎФА президенти Баҳодир Қурбонов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ва ОФК делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ОФК ҳамда ЎФА ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг футболни ривожлантиришга қаратилган қарорлари ва ташаббуслари юртимизда ушбу спорт турини янада оммалаштиришга, инфратузилмани яхшилашга улкан туртки бўлаётгани қайд этилди.
Футбол — юртимизда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканлиги, миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этиши халқимизга катта байрам улашгани таъкидланди.
Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа Ўзбекистон ОФКнинг энг яқин ҳамкорларидан бири эканлиги, юртимиз ёшлар ва аёллар ўртасидаги қитъа мусобақаларини юқори савияда ўтказганини эътироф этиб, кейинги йили Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтадиган FIFA U-20 Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этилишига ишонч билдирди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенг қамровда давом эттиришга келишиб олишди.
ОФК президенти, шунингдек, Миллий футбол марказида жойлашган рақамлаштириш йўналишида амалга оширилган ишлар ва жорий этилган тизимлар билан танишади.