ЎФА раҳбарияти Ўзбекистон У-23 терма жамоаси аъзолари билан учрашди
ЎФА раҳбарияти Ўзбекистон У-23 терма жамоаси аъзолари билан учрашди
Айни кунларда Ўзбекистон У-23 терма жамоаси Миллий футбол марказида Осиё ўйинлари мусобақаси олдидан сўнгги тайёргарлик йиғинларини ўтказмоқда. Бугун ЎФА раҳбарияти У-23 олимпия терма жамоамиз аъзолари билан учрашди.
Суҳбатда жамоа олдида турган ушбу мусобақа ҳақида фикр билдирилар экан, Ўзбекистон тарихда ушбу мусобақада ғолиб бўлгани, қолаверса турли ёшдаги терма жамоаларимиз қитъа миқёсидаги мусобақаларда муносиб иштирок этиб келаётгани айтилди. Лос-Анжелас олимпиадасига тайёргарлик олиб бораётган терма жамоамиз учун ушбу мусобақа ҳам муҳим ҳисобланиши таъкидланди.
Барчангиз турли терма жамоаларимиз таркибида Осиё кубогида иштирок этгансиз, бу каби мусобақалар катта тажриба ҳисобланиб, кейинги фаолиятингизга ҳам таъсир қилади. Ватан терма жамоасининг либосини кийиб майдонга тушиш катта шараф. Бир жамоа бўлиб, аҳиллик билан мусобақада муносиб иштирок этишингизга ишонамиз, деди ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов.
Эслатиб ўтамиз, У-23 терма жамоамиз мусобақанинг C гуруҳидан ўрин олган бўлиб, Филиппин, Кувайт ва Ветнамга қарши баҳс олиб боради. Турнирдаги илк учрашувимиз 15-сентябрь куни Филиппинга қарши бўлиб ўтади.