ЎФА раҳбарияти Майамида FIFA Ижроия Футбол Саммитида қатнашди
FIFA томонидан ҳар йили ташкил этиладиган FIFA Ижроия Футбол Саммити (FIFA Executive Football Summit) бугунги кунда дунё футболининг энг муҳим мулоқот платформаларидан бири ҳисобланади. Ушбу юқори даражадаги учрашувлар миллий футбол ассоциациялари раҳбарлари, FIFA президенти ва конфедерациялар вакилларини бирлаштириб, футболни глобал миқёсида ривожлантириш, тажриба алмашиш ва стратегик йўналишларни муҳокама қилиш имконини беради.
Жорий йилги саммит АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда FIFAга аъзо қатор миллий футбол ассоциациялари вакиллари билан бир қаторда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳамда бош котиб Аваз Мақсумов ҳам иштирок этди.
Саммит доирасида футболнинг турли йўналишлари — хусусан, болалар ва ўсмирлар футболи, аёллар футболи, шунингдек, FIFA мусобақаларини ташкил этиш, жумладан бўлажак Жаҳон чемпионатлари, аёллар турнирлари ва ёшлар мусобақалари юзасидан долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
FIFA Президенти Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоасини тарихда илк бор FIFA Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани билан самимий муборакбод этди. Шунингдек, у Ўзбекистон футбол ассоциациясининг FIFA Forward лойиҳасини муваффақиятли татбиқ этган ассоциацияларнинг бири эканини алоҳида эътироф этди.
Ушбу саммит футбол федерациялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба ва ғояларни алмашиш, ҳамда глобал футбол тизимидаги долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.