ЎФА раҳбарияти Ҳақамлар академияси тингловчилари билан учрашди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳамда ЎФА президенти маслаҳатчилари Аваз Азизхўжаев ва Баҳтиёр Абдуллаев Ҳақамлар академияси тингловчилари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида мамлакатимизда профессионал ҳақамларни тайёрлаш, ёш ҳақамларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тингловчиларга ҳақамлик катта масъулият ва машаққатли меҳнат талаб қиладиган фаолият экани, бу йўлда ҳалоллик, интизом, жасорат ва фидойилик муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шунингдек, замонавий ҳақамдан ўйин қоидаларини мукаммал билиш, чет тилларини ўрганиш, жисмоний тайёргарлигини юқори даражада сақлаш ҳамда ўз устида мунтазам ишлаш талаб этилиши қайд этилди. Ёш ҳақамларнинг профессионал ва халқаро даражада фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон футбол ассоциациясининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.