Европанинг машҳур футбол клублари либосларини ишлаб чиқараётган ишчиларнинг оғир аҳволи фош этилди
“Арсенал”, “Ливерпул”, “Реал Мадрид” ва бошқа машҳур футбол клубларининг расмий либослари ишлаб чиқариладиган фабрикалардаги меҳнат шароитлари жиддий саволларни юзага келтирди. Нархи 120 евродан ошадиган футболкаларни тайёрлаётган айрим ишчилар соатига бир фунтдан ҳам кам ҳақ олмоқда. Бу ҳақда BBC Sport нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, суриштирув давомида Камбоджадаги иккита фабрикада ишчилар оғир шароитларда меҳнат қилаётгани аниқланган. Улар ҳафтасига олти кун, кунига саккиз соатдан ишлайди. Ойлик асосий маош 210–220 долларни ташкил этади. Айрим цехларда ҳарорат 35 даражадан ошади, ишчилар эса кунига 300 тадан 700 тагача маҳсулот тайёрлашга мажбур бўлаётганини билдирган.
Ишчилар ишлаб чиқариш режаси бажарилмаганида раҳбарият томонидан босим ва ҳақоратга дуч келишларини ҳам айтишган. Фабрикаларга буюртма берувчи Adidas компанияси эса ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш мақсадида мунтазам текширувлар ўтказилишини маълум қилди. Компания фабрикаларда ишчилар ҳуқуқлари бузилмаслиги учун тегишли стандартлар жорий этилганини таъкидлаган.
Маълумот учун, суриштирувда тилга олинган Bowker Garment Factory ва Trax Apparel корхоналарида жами 6600 нафарга яқин ходим ишлайди. BBC маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Англия Премьер-лигаси клубларининг расмий футболкалари ўртача нархи 50,7 фоизга ошган. Adidas эса айни пайтда Премьер-лигадаги 20 та клубдан саккизтасини спорт либослари билан таъминламоқда.